Tip-Top: Англиянинг Ньюкасль шаҳри бор. Унинг шу номдаги футбол клуби ҳам жуда машҳур. Шаҳар номини ўзбекчага ўгирганда Янгиқўрғон маъносини беради. Боғлиқликни қаранг: Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг “Янгиқўрғон Агро Инвест” жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган Tip-Top табиий шарбатлари экспорт географияси Ньюкаслгача етиб бермоқда. 2021 йилда тумандан 27 миллион долларлик мева-сабзовот, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари экспорт қилиши режалаштирилган бўлиб, унинг 4,5 миллион долларини Ўзбекистоннинг илк шарбат бренди Tip-Top ҳиссасига тўғри келади.

- Айни пайтда заводимизда 300 киши меҳнат қилмоқда. 2016 йилдан бери 6 миллион доллар инвестиция киритиб, йилига ўн хил турдаги 25 минг тонна шарбат ишлаб чиқармоқдамиз. 2022 йил биринчи чорагида 10 миллион долларлик линияни ишга туриширишимиз натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 50 минг тонна, ишчилар сони 600 тага етади, - дейди завод раҳбари Муҳторали Абдуллаев.

Эътиборли жиҳати, 1995 йилда заводга Швейцария технологияси асосида ўрнатилган линия қилт этмай, юқори кучланишда ишлаб турибди.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ва вилоят Медиа Департаменти ташаббуси билан ташкил этилган инфо-турда телевидение, босма ва интернет нашрлари вакиллари, масъуллар иштирок этишди.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги.