Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда фуқароларнинг муаммоларига ечим бериш, мушкулларини осон қилиш, турмушини фаровонлаштириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20 январидан 20 мартга қадар давом этадиган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди!” ҳуқуқий акциясининг ўтказилиши ҳам фикримиз далилидир.
Мазкур ҳуқуқий акция доирасида тегишли ҳуқуқлари бўлмаган, олинмаган, йўқотилган ва бошқа ҳуқуқий кўмакка муҳтож барча фуқаролар Адлия бўлими (ФҲДЁ, ДХМ, ЮХКМ)га мурожаат қилишлари мумкин.
Хусусан, туғилиши қайд этилмагани оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларга ёрдам кўрсатилади.
Яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган шахслар, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмагани сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахслар ҳуқуқий ёрдам олади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда ёки қайта рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келаётган шахслар, кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга кўмак кўрсатилади.
Фуқароларнинг ушбу турдаги мурожаатлари жойлардаги туман (шаҳар) адлия бўлимларида ташкил этилган махсус штаблар ёки «1148» қисқа рақамли ишонч телефони орқали тезкорлик билан қабул қилинмоқда. Сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Феруза Қодирова,
туман ФҲДЁ инспектори





