Бугун Исковот қишлоғида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Наманган вилоят "Ёш гвардиячилар" Болалар ва ўсмирлар Спорт мактаби фойдаланишга топширилди.

Салкам 11 млрд. сўм маблағ эвазига мактабнинг стадиони, мавжуд бинолари реконструкция қилиниб, ёш спортчилар учун муҳташам спортзал, бокс билан шуғулланиш учун зал, маъмурият, мураббийлар учун бино, ечиниш ва ювиниш хоналари барпо этилди.

Оддий қишлоқда катта шаҳарларники каби спорт иншоотларининг барпо этилиши бугун мамлакатимизда ёшларга, уларнинг бекаму кўст камол топишларига жиддий эътибор қаратилаётганлигининг исботидир. Ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятларни кўриб, дили равшан топади кишининг.

Иншоотнинг очилиш маросимида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбари ўринбосари Амиртемурхон Мусаев, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, вилоят Миллий гвардия бошлиғи, полковник Хамидулло Маматов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Баҳодир Инагамов, вилоят Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Хожиакбар Абдуллаев ҳамда туман Қўриқлаш бўлими вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлари, спорт маткаби жамоаси, ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг, вилоят Спорт бошқармаси қошидаги ўзбек жанг спортчилари ҳамда спорт мактаби ўқувчиларининг чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.

Мазкур спорт мактабида бугунги кунда 12 турга яқин спорт тўгаракларига 1000 нафардан ортиқ ёшлар жалб этилган.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати