Бугун юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ётибди.
Аммо, сўнгги йилларда ана шу тинчлигимизга, осойишталигимизга раҳна солаётган ёт кучлар фаолияти кучаймоқдаки, улар асосан ҳали нуқтаи назари мукаммал шаклланмаган ёшларни онгини заҳарламоқда.
Янгиқўрғон тумани ИИБ ТҚХ ТҚКБ бошлиғи М.Мамасидиқов билан суҳбатимиз терроризм, эсктремизм, ғояларининг тарғиботи, мақсадлари ҳақида бўлади.
-Миржалол Мухторович, бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Бунда ҳатто, ақидапараст оқимлар меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, интернет тармоғида экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Натижада бир қатор ҳамюртларимиз ҳам ушбу гуруҳ сафига қўшилиб қолишмоқда.
-Тўғри айтдингиз, айнан ана шу ҳолат ҳам ҳозир кўпчиликни ташвишга солмоқда. Ачинарлиси, бунда ёшлар инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга жўнатиб, манқуртга айлантиришдир.
-Миржалол Мухторович, шу ўринда терроризм, диний экстремизм ғоялари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
-Терроризм – аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадига қаратилган жиноий фаолиятдир. Ҳозирги даврда у глобал миқёс касб этиб, халқаро терроризм шаклини олди. Бундай шаклда у халқаро ижтимоий-сиёсий акс-садо берадиган қўпорувчилик сифатида намоён бўлмоқда.
Экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.
Терроризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, демократик институтлар фаолият кўрсатаётган, тинчлик ҳукмрон жамият шароитида муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишда кўринади.
Диний экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Айни пайтда, айрим кишиларда дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслиги ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
- Юқорида айтилган ҳолатларнинг олдини олиш учун нима чоралар кўрилмоқда, қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Халқаро экспертлар террорчиларнинг ваҳшийликлари ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузишини таъкидлайди. Бунинг натижаси ўлароқ, БМТ бошчилигида терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш борасида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 1999 йилги Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг асосий мақсади дунёда терроризмдан манфаатдор ва тинч аҳоли ҳаётини бузиш орқали ўзининг қабиҳ мақсадларини амалга ошираётган шахслар, ташкилотлар ва уюшмаларга қарши курашда ҳамкорлик қилишдир.
2020 йил апрель ойида Бош Ассамблеянинг 73/305-резолюциясига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш «Терроризм қурбонларига ёрдам беришда БМТ тизимининг аъзо давлатларни қўллаб-қувватлашдаги тараққиёти» тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди.
2019 йилда Ироқ ва Испаниянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакиллари ҳамраислигида «Терроризм қурбонларининг дўстлари» гуруҳининг ташкил этилгани ҳамда Бош Ассамблеянинг терроризм қурбонларига ёрдам бериш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги йиғилишлари ўтказилгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир.
2014 йилда терроризм қурбонларини қўллаб-қувватлаш портали ишга туширилди. Ушбу платформа терроризм қурбонларига ёрдам кўрсатиш мақсадидаги шахсларни бирлаштирди.
Ўтган 10 йилликлар шуни кўрсатдики, терроризм дунё бўйлаб кўплаб инсонларни ўз домига тортиб кетаётганининг асосий сабаби жаҳолат ва маърифатсизликдир. Шу сабабли дунё бўйлаб, хусусан мамлакатимизда ҳам таълим ва маърифатга чорлов кенг тарғиб қилинмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатларга яққол мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТнинг 2017 йилдаги 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» дастури бўйича янги ташаббус билан иштирок этганини кўрсатиш мумкин. Натижада 2018 йили БМТ Бош Ассамблеяси «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши глобал стратегияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлади.
Мамлакатимиз, шунингдек, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 14 та халқаро конвенция ва протоколларни ратификация қилди.
Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни 2001 йили ратификация қилди. Бу, ўз навбатида, миллий қонунчиликда ҳам экстремизм ва терроризмга қарши курашиш билан боғлиқ бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига туртки бўлди.
Масалан, 2000 йилда қабул қилинган «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонуннинг асосий мақсади фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини терроризм хавфидан ҳимоя қилишдан иборат бўлиб, ушбу хавфга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Бундан ташқари, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Ушбу икки ҳужжат талабига кўра, террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатига киритилган ташкилот ёки жисмоний шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб қўйиш чоралари кўрилади.
Янгиқўрғон туманида бугунги кунда 22 та махсус қидирувдаги, яъни терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этиб хозирда тергов ва суд органларидан яшириниб келаётган шахслар мавжуд.
Шундан 18 нафари сохта даъволар қурбони бўлиб Сурияда кимларнингдир найрангига учиб гўёки хижрат ва жиҳод амалларини бажариб келмоқда. Бундан ҳам ачинарлиси уларнинг 3 нафарини аёллар ташкил қилганлигидир.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати





