Ахолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Аҳолини рўйхатга олиш — Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни;

Аҳолини рўйхатга олиш санаси — аҳоли тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва ҳисобга олиш амалга ошириладиган аниқ пайт (йил, ой, кун ва соат);

Респондентлар — аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

Рўйхатга олиш варағи — кўрсатилган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни ёзиб олиш учун белгиланган шаклдаги бланка;

Рўйхатга олиш ҳужжатлари — аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнига тааллуқли ҳужжатлар мажмуи;

Рўйхатга олувчи ходимлар — Ўзбекистон Республикасининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга жалб этилган, махсус ўқувдан ўтган вояга етган фуқаролари;

Уй хўжалиги — битта турар жойда ёки унинг бир қисмида биргаликда яшайдиган, ўзини яшаш учун барча зарур нарсалар билан таъминлайдиган, умумий хўжалик юритадиган, пул маблағларини тўлиқ ёки қисман бирлаштирадиган ва сарфлайдиган шахслар йиғиндиси. Бу шахслар қариндошлик муносабатларида бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Уй хўжалиги битта шахсдан иборат бўлиши мумкин.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, мамлакатнинг демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;
шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш;
аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
даврийлик;
умумийлик ва бир пайтдалик;
рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги;
шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги;
аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги.

Даврийлик принципи - Аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор санаси ва муддати кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, қоида тариқасида, рўйхатга олишни ўтказиш мўлжалланган санадан камида уч йил олдин киритилади.

Умумийлик ва бир пайтдалик принципи-Аҳолини рўйхатга олишнинг ягона белгиланган санасида шахсга доир маълумотларни барча респондентлардан йиғиш Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида бир пайтнинг ўзида амалга оширилади.

Рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги принципи  Шахсга доир маълумотлар йиғилаётганда рўйхатга олиш варағи ҳар бир респондент учун якка тартибда тўлдирилади.

Шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги принципи Аҳолини рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотлари махфий бўлиб, респондентнинг розилигисиз ошкор этилмайди ва тарқатилмайди.

Аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги принципи  Ўзбекистон Республикаси бўйича аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш аҳолини рўйхатга олишни ягона бошқарув тизимини яратиш асосида марказлаштирилган ҳолда амалга оширилади.

 

Бугун "Сойбўйи" маҳалласида Янгиқўрғон тумани ҳокими,  1-сектор раҳбари Асадулло Нажмиддиновнинг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Қабулда ҳудуддаги юридик ва жисмоний шахслар ўзларини қийнаётган масалалари билан туман раҳбарига мурожаат қилди.

Жумладан, қабулда фуқаролар тикув машинаси олиб, ўзини банд қилиш, ер, қуёнчиликни ривожлантириш масалаларида мурожаат қилдилар. Мурожаатлари ижобий ҳал этишлик учун соҳа раҳбарларига йўналтирилди.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Янгиқўрғон туманидаги "Деҳқон бозори"да ўрганиш олиб борди.

Жараёнда вилоят раҳбари Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси фаолияти, нарх-навонинг қулайлиги ҳамда бозорнинг санитария-гигиена ҳолатини кўздан кечирди.

Шунингдек, савдогарлар билан нархларни барқарорлаштириш юзасидан суҳбатлашди. Бозорга кириш йўлакларини тартибга солиш, ҳам харидорлар, ҳам савдогарларга қулай шароитлар яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Бугун Корея Республикасининг NEWMA Ўсимликлар карантини ташкилотининг вакиллари Янгиқўрғон туманида бўлишди.

Меҳмонлар Бирлашган Араб Амирлиги инвесторлари
иштирокидаги “SURA GENERAL INVESTMENTS” МЧЖ томонидан Хадикент ҳудудидаги 108,5 гектар ер майдонида ташкил этилган интенсив боғ фаолияти билан танишди.

Мутахассислар боғларда етиштирилаётган шафтоли, ўрик, олхўри меваларининг фитосанитар ҳолати, тупроқ сифати билан танишдилар. Меваларни сотиб олиш ва келгусида инвестиция киритиш режалари борлигини маълум қилдилар.

Маълумот учун жорий йилда "SURA GENERAL INVESTMENTS” МЧЖ  томонидан Россия Федерацияси, БАА, Ҳиндистон, Қозоғистон давлатларига 300 тонна гилос экспорт қилинди.

Ҳозирги кунгача 300 тонна ўрик, 30 тонна олхўри ҳам экспорт қилишга эришилди. Мазкур боғда 300 нафар фуқаролар бандлиги таъминланмоқда.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Айни дақиқаларда Янгиқўрғон тумани ҳокимлигида туман ҳокими Асадулло Нажмиддиновнинг қабули бўлиб ўтмоқда.

Қабулда фуқаролар моддий ёрдам, таълим контракти, қўшниси билан боғлиқ муаммо, хонадонига электр ва табиий газ учун ҳисоблагич ўрнатиш, уй-жойини кадастр ҳужжатини тайёрлаш, ўзи ва фарзандининг соғлигини тиклаш, уй-жой қуриш учун қурилиш материаллари, тикув машинасини олиш, дори-дармон учун маблағ сўраб мурожаат қилдилар.

Айрим мурожаатлар шу ернинг ўзида ҳал этилаётган бўлса, яна айрим мурожаатлар тегишлилиги юзасидан соҳа раҳбарларига йўналтирилиб, назоратга олинди, баъзиларига эса ўрганиш учун вақт берилмоқда.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати