Янгиликлар
Июнь - Ёшлар ойлиги деб эълон қилингани муносабати билан жойларда турли тадбирлар уюштирилмоқда.
Хусусан,туман Маданият марказида ташкил этилган ёшлар билан очиқ мулоқотда тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов бошчилигида секторлар раҳбарлари туманимиздаги умумтаълим мактаблари битирувчилари, уюшмаган ёшлар иштирок этдилар.



Мулоқот давомида ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ўзларини қизиқтирган саволлари, таклиф-мулоҳазалари билан мурожаат қилдилар.
Шундан сўнг 77 нафар битирувчиларга олтин, яна 11 нафарига кумуш медаллар топширилди.
Учрашувда туман ҳокими А.Нажмиддинов катта ҳаёт остонасида турган битирувчиларга келгуси ўқиш ва ишларида омад ёр бўлишини, жамиятда ўз ўринларини топиб, ота-оналари ҳамда Ватан учун муносиб фарзанд бўлиб етишишларини тилади.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов бошчилигида секторлар раҳбарлари республика ишчи гуруҳига мурожаат қилган бир қатор фуқаролар хонадонларида бўлдилар.



Хусусан, "Деҳқонобод" маҳалласида истиқомат қилаётган Х.Боқиев бош мия ўсимтаси ташҳиси билан кўмак сўраган. Ишчи гуруҳ томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди ҳамда "Саховат ва кўмак" жамғармасидан моддий ёрдам ажратилиши белгиланди.
"Янги боғистон"да истиқомат қилаётган А.Бойтўраев жигар церрози билан оғриётган. У тиббий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлиб, зарур дори-дармонлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.
"Гулистон" маҳалласидаги Қўчқоровлар оиласидан тушган мурожаатга кўра оила бошига эшитиш мосламаси, аёлига даволаниш учун йўлланма берилди.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати
Бугун Хотира ва қадрлаш куни арафасида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида вилоят секторлар раҳбарлари Янгиқўрғон туманида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини йўқламоқдалар.



Жараёнда Исковот стадионига ҳам кириб, Ички ишлар тизими фахрийси, полковник, марҳум Тошҳўжа Раҳматуллаев хотирасига бағишлаб ўтказилаётган спорт мусобақаларининг очилиш маросимида қатнашилди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят "Нуроний" жамғармаси раиси Икромхон Нажмиддинов комил инсон тарбиясида спортнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, хотира турнири иштирокчиларига омад тиладилар.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Наманган вилояти бошқармаси маблағлари ҳисобидан қайта қурилган Исковот стадионида спортсеварлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Иккинчи жаҳон уруши кулфатлари ҳар бир хонадонга ёғилаётган 1943 йилда исковотлик Топилди Мадраҳимов 18 ёшда эди. Ҳаёт машаққатлари елкасига эрта тушган йигит омонат жонини гаровга қўйиб барча қатори урушга отланди.
Орадан шунча йил ўтса ҳам Топилди ота хотирасига муҳрланиб қолган уруш даҳшатлари унга тинчлик бермайди.



Ягона тилаги - уруш деган офатнинг қайта такрорланмаслиги.
Бундай табаррук кесаларимизнинг дуоси ижобат, шубҳасиз.
Бугун, Хотира ва қадрлаш куни арафасида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида вилоят секторлари раҳбарлари, мудофаа тизими ҳамда жамоатчилик вакиллари отахонни йўқлаб, хонадонида бўлдилар.
Вилоят ҳокими Топилди ота Мадраҳимов меҳнатларини, ёшларга ўрнак бўлган ҳаёт йўлларини эътироф этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, 20 млн. сўм пул мукофоти ва байрам совғаларини топширди.
Вилоят раҳбари мазкур хонадон ҳар жабҳада ўрнак эканлигини оддийгина томорқа мисолида
Эътироф этиб ўтди.
14 сотихдан иборат томорқадан картошкадан тортиб қовун-тарвузгача етиштирилмоқда. Мевали дарахт турлари 20 га яқин. Уларнинг ривожи, парвариши меҳмонларда ҳавас уйғотди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Sayt (http://namangan.uz/) | Telegram (https://t.me/namvilhok) | Instagram (https://www.instagram.com/namangan.gov.uz/) | Facebook (https://www.facebook.com/namangan.uz/) |Twitter (https://twitter.com/twit_namanganuz) | YouTube (https://www.youtube.com/c/namanganuz)
Инсоният тарихидаги энг машъум-иккинчи жаҳон урушига Янгиқўрғон туманидан 6579 нафар эр йигитлар сафарбар этилган. Бугун улардан 2 нафаригина ҳаёт.
Улардан бири поромонлик Муҳаммадиброҳим Иномов. Норғул йигитга чақирув қоғози келганида у 19 ёшда эди. Урушнинг бор даҳшати гувоҳи бўлиб, машаққатли, оловли йўлларни босиб ўтди.



9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят секторлари, мудофаа тизими ҳамда жамоатчилик вакиллари Муҳаммадиброҳим отани ҳам йўқладилар.
Ҳарбий оркестр ва кенг жамоатчилик иштироки билан байрам тусини олган тадбирда вилоят раҳбари Муҳаммадиброҳим Иномовга Президент табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, 20 млн. сўм пул мукофоти ва байрам совғалари топширди ҳамда кексаларнинг босиб ўтган йўли, ҳаётий тажрибаси ёшларга ибрат эканини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, Муҳаммадиброҳим ота ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамҳўрлик учун миннатдорчилик билдирди.
Бунақанги тинч-осойишта, халқпарварлик сиёсати устувор замон аввал бўлмаган. Ҳурматли Президентимизнинг оқилона сиёсати бугун ҳар соҳада кўриняпти. Кексайиб қолган бўлсам ҳам телевидение, радио орқали барча янгиликларни кузатиб боряпман. Шу ишларнинг бошида турган Президентимиз омон бўлсинлар, - дея дуога қўл очди отахон.
Меҳмонлар 102 ёшга кирсада, ҳамон тетик, теран фикрли Муҳаммадиброҳим ота Иномовга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тиладилар.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Sayt (http://namangan.uz/) | Telegram (https://t.me/namvilhok) | Instagram (https://www.instagram.com/namangan.gov.uz/) | Facebook (https://www.facebook.com/namangan.uz/) |Twitter (https://twitter.com/twit_namanganuz) | YouTube (https://www.youtube.com/c/namanganuz)





