Янги йил шодиёналари Янгиқўрғон туманидаги "Қизилёзи" маҳалласининг аҳолиси учун ҳам қўшалоқ келди. Бугун 36-умумий ўрта таълим мактабида 557 млн. сўм маблағ эвазига барпо этилган усти ёпиқ кичик стадион фойдаланишга топширилди.

Мазкур иншоот "Опен бюджет" ташаббусли лойиҳа маблағлари эвазига "Ideal Namsity" МЧЖ томонидан бунёд этилди.

Спорт иншоотининг очилиш маросимида Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов, нуронийлар, устозлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда спорт ихлосмандлари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан ёши улуғ инсонлар бугунги кунда ёшларга яратилаётган шароитларга ҳавас қилишини, шунинг учун бу имкониятлардан самарали фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлаб, эртамиз эгаларини доимий равишда спорт билан шуғулланишга чақирди.

Тадбирда, шунингдек, аълочи, турли танловлар ғолиблари бўлган ўқувчилар ва фаол ўқитувчилар рағбатлантирилди.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Янги йил байрамини, айниқса, Қорбобо ва Қорқиз совғаларини кичкинтойларимиз интиқиб кутадилар.

Бугундан туман Маданият маркази ходимлари томонидан "Янги йил арчаси" номли саҳналаштирилган концерт-шоусининг намойиш этила бошлангани кўплаб болажонларга чинакам Янги йил шукуҳини бахш этмоқда.

Унда эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна кўринишлари, Қорбобо ва Қорқиз ташкиллаган ўйинлар, рақслар, совғалар жажжи томошабинларга ҳаяжонли дақиқалар ва чексиз қувонч улашди,

Бу каби байрам тадбирлари график асосида барча ҳудудларда давом эттирилади.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Янги йил арафасида Мамай қишлоғидаги 32-умумтаълим мактабида янги спорт комплексининг фойдаланишга топширилиши мактаб ўқувчилари ҳамда маҳалла ёшлари учун чинакам қувончли воқеа бўлди.

Мактаб ҳовлисидаги усти ёпиқ стадион, “Street Wоrkout” спорт майдончаси мактаб жамоасининг, маҳалладошларнинг аҳиллиги боис "Опен бюджет" ташаббусли лойиҳада ғолиб бўлиб, қўлга киритилган маблағ ҳисобидан барпо этилди.

Спорт иншоотининг фойдаланишга топшириш маросимида Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов, маҳалла оқсоқоллари, фахрийлар, ёшлар иштирок этдилар.

Жорий йилда 30 йиллигини нишонлаётган мактаб жамоаси, нуронийлар мамлакатимизда ёшларнинг баркамол вояга етишлари учун яратилаётган шароитлардан миннатдорликларини билдирдилар.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Халқимизнинг тўй-сайиллари, байрам шодиёналари улоқ-кўпкарисиз ўтмайди. Айниқса, сўнгги йилларда улоқ-кўпкари ўйинлари мамлакатимизда декабрь ойида нишонланадиган "Ҳосил байрами"нинг рамзига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугун ҳам Янгиқўрғон туманида нишонланган "Ҳосил байрами" доирасида туман ҳокимлигининг ташаббуси билан "Қандиён" массиви кенгликларида улоқ-кўпкари ўйинлари ташкил этилди.

Унда қўшни туманлар, вилоятлар, ҳатто Қирғизистон Республикасидан иштирок этган чавандозлар ўзларининг маҳоратларини, шижоатларини намойиш этиб, олқишларга сазовор бўлдилар.

Тумандаги секторлар раҳбарлари, оқсоқоллар, юзлаб томошабинлар ҳозир бўлган тадбирда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан қўйилган совринлар моҳир чавандозларга топширилди.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокимлигида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” муносабати билан тадбир ўтказилди.

2023 йил бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам Янгиқўрғон тумани учун баракали келди, хирмонлар юксалиб, халқ дастурхони ноз-неъматга тўлди.

Тадбирда сўз олган Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатларини эътироф этди.

Тантанали маросимда бир гуруҳ соҳа вакилларига "Илғор фермер", "Намунали томорқачи" кўкрак нишонлари, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда секторлар раҳбарлари, кореялик ҳамкорлар иштирок этдилар.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати