Янгиликлар
Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида “Ҳунармандчилик ва касаначилик - хотин-қизлар бандлигининг омили” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.



Тадбир эрта тонгда “Шоҳрух” спорт мажмуасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи “Саломатлик учун 5000 қадам” марафони билан бошланди.
Шундан сўнг, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятини йўлган қўйган хотин-қизлар билан таништириш мақсадида туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Абдураҳманова бошчилигида “Тадбиркорликка сайёҳат” ташкил этилди.
Жумладан, эсдалик буюмлари, юмшок ўйинчоклар, турли тақинчоқлар ясаш бўйича ҳунармандлар, "Баркамол авлод" болалар мактаби тўгарак раҳбарлари Мавлудахон Сарманова, Наргизахон Қозоқова ва миллий либослар бўйича уста ҳунарманд, 100 нафардан ортиқ шогирдларининг бандлигини таъминлаган Гулнора Қурбонова, тикувчилик йўналишида 20 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг касаначилик асосида бандлигини таъминлаган Каримова Ойнисалар фаолияти тадбир иштирокчиларида катта иштиёк уйготди.
Тадбирнинг якуний қисмида ДСИ вакили, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳунарманд уюшмаси туман бўлими раҳбарлари томонидан мамлакатимизда хотин-қизларга, тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар юзасидан маълумотлар бердилар ва иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб бериб ўтдилар.
Шу билан бирга 2 нафар янги тадбиркор-ҳунарманд хотин-қизлар "Ҳунарманд" уюшмасига аъзоликка қабул қилиниб, тегишли гувоҳномалар топширилди.
Бугун Янгиқўрғон тумани, "Туркистон Садоқат Бахт Иқболи" агрофирмаси ҳудудидаги "Нигора Шохсанам Мохидил" фермер хўжалигида тумандаги боғ, ток, ғалла ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида семинар ўтказилди.



Унда 2024 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини парваришлаш, боғ-ток қатор ораларини хайдаш ишларини сифатли ва ўз вақтида ўтказиш, дала четларига кўчат экиш, ички ариқ-зовурларни тозалаш, бетонлаш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда иштирок этган туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов ҳамда секторлар раҳбарлари томонидан об-ҳавонинг қулайлигидан фойдаланган ҳолда, ички ариқларни бетонлаш ишларини кечиктирмай ва сифатли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бугун Янгиқўрғон туманидаги 52-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 145 нафар ўқувчилари ҳамда Радивон маҳалласи ёшлари учун қувончли воқеа содир бўлди.
"Ташаббусли бюджет" лойиҳасида аҳиллик билан иштирок этган мактабнинг 25 нафар ходимидан иборат жамоаси футбол майдони учун 990 млн.сўм ҳамда 15 кв.ли қуёшли панель учун 210 млн. сўм маблағ ютиб олишга муваффақ бўлди. Натижада ўқувчилар ҳамда маҳалланинг ёшлари учун қўшимча ювиниш хоналарига эга замонавий, усти ёпиқ футбол майдони бунёд этилди.



Бугун туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ривожиддин Якуббаев, туман прокурори Қобилжон Аҳмаджановлар янги спорт иншоотини фойдаланишга топширдилар.
Ўқувчи ёшларнинг ватанпарварлик руҳидаги чиқишлари тадбирга кўтаринкилик бахш этди. Маҳалла нуронийлари дуога қўл очишар экан, келгусида бу маскандан спорт усталари, чемпионлар чиқишига ният қилишди.
Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддиновнинг навбатдаги қабули туман ҳокимлиги биносида ўтказилди.



Ибрат маҳалласидан С.Акбарова фарзандини даволатиш, Поромон маҳалласидан А.Усмонова моддий ёрдам, "Қутлуғтол"дан Б.Маматхонов хаж зиёрати масалаларида қилган мурожаатлари масъулларга йўналтирилиб, алоҳида назоратга олинди.
Қабулда фуқаролардан, шунингдек, моддий ёрдам, алимент, уй-жой таъмири масалаларида ҳам мурожаатлар тингланиб, ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.
Айни кунларда янгиқўрғонлик бободеҳқонлар дала майдонларида қишда амалга оширилиши лозим бўлган юмушлар билан бандлар.



Хусусан, "Туркистон Садоқат-Бахт Иқболи" агрофирмаси ҳудудидаги "Абдулходи Абдулбосид", "Нигора Шохсанам Моҳидил", "Бахтигул Абдулло Мохигул", "Шохрух Озода Фаррухбек" фермер хўжаликларида ерни шудгорлаш, ички ариқларни бетонлаш, тозалов ишлари олиб борилмоқда.
Шу кунгача туман бўйича режадаги 117 км.узунликдаги ариқлардан 115 та фермер хўжаликларининг 25,9 км. ички ариқлари бетонланди.
Бу каби ишлар "Исковот ризқ-рўз", "Т.Неъматов Бекобод" ҳамда "Бирлашган Феруз-Умид Ороли" агрофирмалари ҳудудларидаги фермер хўжаликларида ҳам олиб борилмоқда.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати





